Японияда ярим аср муқаддам ўлим жазоси тайинланган шахснинг ҳукми қайта кўриб чиқилади

None
ASTANA. Kazinform – Япония Олий суди 1968 йилда тўрт кишилик оилани ўлдирганликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган 87 ёшли Ивао Хакамада иши бўйича янги суд жараёнини тайинлади. Шу вақтдан бери Хакамада ўз ўлимини кутяпти. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, у ўлим жазосига кесилиб, ўз ҳукмини энг узоқ кутган шахс бўлган, деб хабар беради Kazinform BBCга таяниб.

Хакамада ўз хўжайини, унинг хотини ва икки фарзандини ўлдиришда айбланиб ҳибсга олинган. Уларнинг пичоқланган жасадлари 1966 йилда Токио яқинидаги сояни қайта ишлаш заводида содир бўлган ёнғиндан кейин топилган.

20 кунлик сўроқдан сўнг собиқ профессионал боксчи Хакамада қотилликни тан олди.

Бироқ суд жараёнида Хакамада терговчилар уни калтаклагани ва у қийноқлар остида айбини тан олишга мажбур бўлганини айтди. Гумонланувчининг ҳимоячилари терговчилар далилларни сохталаштирганини даъво қилмоқда.

Хакамаданинг иши юзасидан такрорий суд жараёнида бошқа ишлар қаторида унинг ДНКси тахминий қотилнинг кийимидаги қон доғларига мос келиш-келмаслиги ҳақидаги қарор қабул қилинади.
2014 йилда Япония минтақавий суди Хакамадани ҳибсдан озод қилди ва ишни қайта кўриб чиқишни буюрди: судьялар унинг айбига оид далиллар уйдирма бўлиши мумкин, деган қарорга келди. Токио суди бу қарорни бекор қилди, бироқ Япония Олий суди қайта суд жараёнини ўтказиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди.
«Мен бу кунни 57 йил кутганман. Ниҳоят, елкамдаги оғир юк қулагандек», – деди Хакамаданинг 90 ёшли опаси Хидеко. У укасига нисбатан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқилиши учун узоқ йиллар курашиб келган.
Бироқ амалдаги қоидаларга кўра, Хакамада иши кўриб чиқилиши учун йиллар керак бўлиши мумкин. Япониялик ҳуқуқшунослар суд ҳакамидан жараённи қисқартиришни сўради.
«Биз 47 йиллик қамоқдан сўнг жисмоний ва руҳий касалликдан азият чекаётган, ҳозир 87 ёшда бўлган Хакамаданинг ҳуқуқларини тиклашда бошқа кечиктирилишига йўл қўя олмаймиз» – деди Япония адвокатлар ассоциацияси раҳбари Мотодзи Кобаяси.
Маълумот учун: Дунёнинг ривожланган демократик давлатлари орасида ўлим жазоси фақат Япония ва АҚШда бекор қилингани йўқ.

Фото: AFP


Сўнгги хабарлар
telegram