Японияда ўлимга ҳукм қилиниб, жазосини 50 йилдан ортиқ вақт кутган маҳбус оқланди

ТОKYO. Kazinform – Япония суди 88 ёшли Ивао Хакаматани оқлади. У 1968 йилда тўрт кишилик оилани ўлдиришда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Унинг ҳимоячилари ўн йиллар давомида апелляция шикоятларини киритиб келди, деб ёзади Kyodo.

Япония
Фото: Reuters

2014 йилгача Хакамата ўлим жазосига маҳкумлар камерасида сақланган, шундан сўнг озод этилган ва қайта суд жараёни бошланган. Суд унинг айбини тасдиқловчи далиллар сохталаштирилганини аниқлади.

Ивао Хакамата – собиқ профессионал боксчи. Спорт карьерасини тугатгандан сўнг, у мисо (анъанавий япон зиравори) ишлаб чиқариш фабрикасига ишга кирган. 1966 йил 30 июнда унинг бошлиқларидан бирининг уйида ёнғин содир бўлди. Хакамата ўтни ўчиришда ёрдамлашган. Унинг сўзларига кўра, ўшанда у бошлиғи, унинг рафиқаси ва икки фарзандининг пичоқланган жасадларини топган. Шунингдек, кимдир уйдан тахминан 200 минг иена ўғирлаган.

Эркак ҳибсга олиниб, қотилликда айбланди. 20 кунлик сўроқ-савол давомида у айбини тан олди, аммо суд бунга қийноқлар сабаб бўлганини маълум қилди. Ҳибсга олинганидан бир йил ўтгач, фабрикадаги мисо сақланадиган идишларнинг бирида қон излари бўлган кийим топилган. Излар қурбонларнинг қон гуруҳлари билан мос келган.

Суд эркакни ўлим жазосига ҳукм қилди, 1980 йилда Япония Олий суди бу ҳукмни тасдиқлади. Шундан сўнг Хакаматанинг ҳимоячилари 2014 йилгача апелляция шикоятлари бериб келишган. 2011 йилда Ивао Хакамата ўлим жазосини энг узоқ кутган инсон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Япония
Фото: Reuters

2014 йил март ойида округ суди ишни қайта кўриб чиқишни бошлагач, Ивао Хакамата озодликка чиқарилди. Кейинчалик ўтказилган экспертиза натижасида топилган қонга беланган кийимда Хакаматанинг ДНКси йўқлиги аниқланди. 2024 йил май ойида бўлиб ўтган сўнгги суд мажлисида прокурорлар ҳамон ўлим жазосини талаб қилишда давом этди. Бироқ суд Хакаматанинг қотилликка иқрор бўлиши каби айбловчи далилларни ҳам сохталаштирилган деб топди.

Сўнгги хабарлар