Япония Атирау нефтни қайта ишлаш заводида кам углеродли лойиҳаларни ривожлантириш устида ишлайди

Атирау нефтни қайта ишлаш заводи
Фото: “ҚазМунайГаз” МК матбуот хизмати

ASTANA. Kazinform – 12 июнь куни Астана шаҳрида “ҚазМунайГаз” МК (ҚМГ) АЖ бошқаруви раиси Асхат Хасенов Япониянинг Marubeni Corporation (Марубени) компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди, деб хабар беради Kazinform.

Томонлар Қозоғистон ва Япония ўртасида ўтган йилнинг кузида имзоланган шартнома доирасида Атирау нефтни қайта ишлаш заводида кам углеродли лойиҳаларни ривожлантиришни муҳокама қилди.

ҚМГ ва Марубени Атирау нефтни қайта ишлаш заводининг айрим бўлинмаларида атроф-муҳитни яхшилаш имкониятлари бўйича тадқиқот натижаларини кутмоқда. Тадқиқот Япониянинг Йокогава компанияси томонидан олиб борилмоқда.

Атирау нефтни қайта ишлаш заводида улар биргаликда кредитлаш механизми (JCM) ёрдамида CО₂ чиқиндиларини камайтириш бўйича ечимларни жорий этишни режалаштирмоқдалар. Натижалар ижобий бўлса, тажриба Павлодар ва Чимкент нефтни қайта ишлаш заводларида ҳам қўлланилади.

Marubeni Corporation (Марубени) — XIX асрнинг иккинчи ярмида ташкил этилган Япония савдо компанияси. Япониядаги энг йирик бешта компаниядан бири. Марубени 2003-2006 йилларда Атирау нефтни қайта ишлаш заводини биринчи реконструкция қилишни амалга оширди. Ушбу реконструкция Атирау нефтни қайта ишлаш заводига ишлаб чиқарилаётган бензин сифатини Евро-2 стандартига, дизел ёқилғисини эса Евро-4 даражасига олиб чиқиш имконини берди. Бундан ташқари, заводнинг экологик кўрсаткичлари яхшиланди: оқава сувлар билан фенолнинг оқизилиши 360 баробарга, олтингугурт диоксиди чиқиндилари эса 38 фоизга камайди. Марубени, шунингдек, Атирау нефтни қайта ишлаш заводини учинчи реконструкция қилишда (нефтни чуқур қайта ишлаш мажмуаси лойиҳаси), Япония халқаро ҳамкорлик банки томонидан лойиҳани молиялаштиришни ташкил этишда, шунингдек, завод учун ускуналар сотиб олишда иштирок этди.

Yokogawa Corporation (Йокогава) - ўлчов технологиялари ва саноатни автоматлаштириш соҳасида фаолият юритувчи Япония муҳандислик компанияси. 1915 йилда ташкил этилган.

Сўнгги хабарлар
telegram