14:51, 19 Январь 2023 | GMT +5
Янги Зеландия бош вазири истеъфога чиқишини маълум қилди
ASTANA. Kazinform - Янги Зеландия бош вазири Джасинда Ардерн келаси ой ўз лавозимидан кетишини маълум қилди. У ушбу лавозимда ишлашга кучи етмаганини, ҳиссий жиҳатдан чарчаганини айтди. Бу ҳақда ВВСга таяниб, Kazinform хабар бермоқда.
42 ёшли Ардерн олти йиллик бош вазирликдан кейин чарчаганини айтди. У 7 феврал куни Лейбористлар партияси етакчилигидан кетади. Унинг ўрнига ким келишини аниқлаш учун яқин кунларда овоз бериш бошланади. Янги Зеландияда сайловлар 14 октябр куни бўлиб ўтади. Ардерн ёзги таътилда келажаги ҳақида ўйлаганини айтди.
«Мен ишни давом эттириш учун керакли куч топаман деб умид қилгандим, афсуски, топа олмадим. Агар мен бу фаолиятимни давом эттираверсам, Янги Зеландияга зарар етказаман», - деди у.
Джасинда Ардерн 2017 йилда 37 ёшида бош вазир бўлди ва ҳукумат раҳбари лавозимини эгаллаган дунёдаги энг ёш аёлга айланганди.
Фото: Getty Images