Янги ўқув йили: бу йил грантларнинг умумий сони қанча
ASTANA. Kazinform — Бу йил докторантура учун 3 мингдан ортиқ грант ажратилди. Бу ҳақда ҚР Фан ва олий таълим вазирлигининг Олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим қўмитаси маълум қилди.
“Бу йил олий маълумотли кадрларни тайёрлаш учун давлат буюртмаси ҳажми жами 91 957 та грантни ташкил этмоқда. Жумладан, бакалавриат учун — 75 371 та, магистратура учун — 11 007 та, докторантура учун — 3 079 та, шунингдек, резидентура учун 2 500 та грант ажратилди”, — дейилади қўмита маълумотида.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда илк бор резидентура учун грантлар рақамли тизим орқали тақсимланди.
Аввал хабар берилганидек, олий таълим муассасаларига магистратура ва докторантура босқичлари бўйича қабул 28 августга қадар давом этади.
Айни пайтда грантлар учун танлов жараёнлари ўтказилмоқда. Бакалавриатга қабул 25 августда якунланади. Бу йил давлат гранти танловида қарийб 127 минг нафар абитуриент иштирок этди. Бу ўтган йилга нисбатан 14 минг нафарга кўп. Танлов натижалари 7 августда эълон қилинди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари сақлаб қолинди. Давлат грантларидан ташқари, ҳокимликлар, олий таълим муассасалари, турли жамғармалар ва ректорлар маблағлари ҳисобидан қарийб 5 мингта қўшимча грант ажратилиши режалаштирилган.