Яманда ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Яман
Фото: Mohammed Hamoud – Anadolu Agency

ASTANА. Кazinform – 1 сентябрь ҳолатига кўра, Яманнинг бир қатор провинцияларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида 150 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, минглаб кишилар уйларини тарк этишга мажбур бўлди, дея хабар беради Xinhua ахборот агентлиги.

Бу ҳақда яманлик манба ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси хабар берди.

Рухсат йўқлиги сабабли исмини ошкор қилмасликни сўраган хусийлар соғлиқни сақлаш расмийси, Яманда кучли ёмғир ва тошқинлар оқибатида 152 киши ҳалок бўлганини айтди.

Унга кўра, 27 август куни кечқурун мамлакат шимоли-ғарбидаги Ал-Маҳвит провинциясида кучли ёмғир ва тўғоннинг ишдан чиқиши туфайли 40 га яқин одам ҳалок бўлган.

Шунингдек, 30 август куни Яман ғарбидаги хусийлар назоратидаги Дамар провинциясида сув тошқинлари оқибатида яна 28 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Манбага кўра, хусийлар назоратида бўлган Ходейда провинцияси август ойи бошидан бери энг кўп жабрланган бўлиб, унда 84 киши ҳалок бўлган, 25 киши жароҳатланган.

Хабар қилинганидек, Яманнинг кўплаб ҳудудлари, хусусан, ғарбий ва шимоли-ғарбий провинциялари июль ойи ўрталарида бошланган сув тошқинларидан зарар кўрган.

Биргина Ал-Маҳвит провинцияси ғарбидаги Малхан туманида 56 мингдан ортиқ уй зарар кўрган, мингдан ортиқ оила эвакуация қилинишга мажбур бўлган.

Сув тошқинлари инфратузилмага ҳам катта зарар етказди, қишлоқ хўжалиги экинларининг катта майдонларини сув остида қолдирди ва йўлларни тўсиб қўйди.

Бу табиий офат фуқаролар уруши туфайли вайрон бўлган Ямандаги гуманитар инқирозни янада мураккаблаштирди.

Сўнгги хабарлар
telegram