WBCнинг 61-конвенцияси бошланди

Тошкент
Фото: UzA

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг 61-конвенцияси ўз ишини бошлади, деб хабар беради Каzinform агентлиги UzAга таяниб.

Дунёнинг юздан зиёд давлатидан делегатлар, таниқли профессионал боксчилар, промоутерлик компанияси вакиллари қатнашаётган анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари О.Раматов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти О.Умаров, WBC президенти Маурисио Сулейман, ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икромов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов ва бошқалар конвенция дастуридан ўрин олган тадбирларнинг юқори савияда ўтишига омад тилади.

Очилиш маросимида Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ишлар сарҳисобига бағишланган лавҳалар намойиш этилди. Шунингдек, WBC тарихига оид ҳужжатли фильм кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.

Йил якунланиб борар экан, барча соҳа ва йўналишларда бўлгани каби WBC ташкилоти ҳам ўзининг йиллик фаолияти сарҳисоби ҳамда режаларини белгилашни мақсад қилган. WBC фаолияти сарҳисоби ва режаларининг айнан Тошкентда амалга оширилиши тарихий аҳамиятга эга бўлиб, унинг кун тартибидан таълим, допинг, ҳакамлик, халқаро муносабатлар, бокс қоидалари, рейтинглар, чемпионлик камарлари, хайрия ва жамоат ташаббуслари каби бир нечта масалалар бўйича йиғишлар ўтказилиши ўрин олган. Конвенция доирасида мамлакатга келган меҳмонлар Самарқанд шаҳрида ҳам бўлади. Шунингдек, жаҳон профессионал бокс юлдузлари мамлакатда ёш боксчиларга ўз маҳорат сабоқларини улашиши ҳам конвенция кун тартибидан ўрин олган.

Конвенция иш тартиби 17 ноябрга қадар давом этиб, айнан шу куни Тошкентдаги “Ҳумо Арена”да катта профессионал бокс кечаси уюштирилади.

Ўзбекистоннинг LIFТ промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилаётган бокс оқшомининг марказий жанги супероғир вазнда Баҳодир Жалолов ҳамда ЖАР вакили Крис Томпсон ўртасида кечади.

Бундан ташқари, Абдумалик Ҳалаков, Миразизбек Мирзахалилов, Мужибилло Турсунов, Қудратилло Абдуқаҳҳоров сингари таниқли ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари WBC ижроия қўмитаси гувоҳлигида жангларда рингга кўтарилади.

Эслатиб ўтамиз, Эвандер Холифилд, Хулио Сезар Чавес, Костя Цзю, Александр Усик, Василий Ломаченко, Амир Хан каби номдор боксчилар Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг 61-конвенциясида қатнашиш учун Ўзбекистонга борган. Профессионал бокснинг тирик афсоналаридан бири Майк Тайсоннинг эса 16 ноябрь куни Тошкентга ташриф буюриши кутилмоқда.

Сўнгги хабарлар