WBA чемпион Эймантас Станионис ҳамда даъвогар Шаҳрам Ғиёсов жанги учун промоутерлик савдосини эълон қилди
TASHKENT. Kazinform - Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов иштирокидаги чемпионлик жангига промоутерлик савдосини эълон қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига таяниб.
Сентябрь ойида WBA ярим ўрта вазн тоифасидаги чемпион, литвалик Эймантас Станионис ҳамда мажбурий даъвогар Шаҳрам Ғиёсов жангига буйруқ берган эди.
Лекин боксчиларнинг жамоалари бир ой ичида жанг санаси, манзили ва шартлари бўйича келиша олишмади. Эндиликда промоутерлар ўртасида ким ошди савдоси ташкил этилади. Очиқ савдо 8 ноябрь кунига белгиланди.
Маълумот учун, Шаҳрам Ғиёсов сўнгги жангида мексикалик Мигель Парра (22-4-1)ни мағлубиятга учратган эди. Тўлиқ 10 раунд давом этган жангда ҳакамларнинг икки нафари Шаҳрам, яна бири Парранинг ғалаба қозонганини қайд этганди. Бу билан ўзбекистонлик проф боксчи 16-жангида ҳам ғалаба қозонганди.
Литвалик 30 ёшли Станионис эса проф боксда 15 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг 9 тасини муддатидан аввал якунлаган. Станионис шу йилнинг май ойида икки йиллик танаффусдан сўнг рингга қайтиб, рейтингнинг тўртинчи поғонасида бораётган венесуэлалик 37 ёшли Габриэль Маэстрени очколар (117-111, 118-110, 119-109) ҳисобида таслим этган эди. Бу Габриэль учун фаолиятидаги илк мағлубият бўлганди.