Вьетнамдаги сув тошқинларидан кейин минглаб уйлар сув остида қолди

Ветьнам
Фото: pixabay.com

Вьетнамнинг сайёҳлар орасида машҳур бўлган ва жаҳон мероси объекти ҳисобланган қадимий Хюэ шаҳри чоршанба куни кучли ёмғир туфайли сув остида қолди, минглаб уйларни сув босди, деб хабар беради Кazinform агентлиги CNAга таяниб.

Давлат оммавий ахборот воситаларида чоп этилган суратларда аҳолининг сув босган кўчаларда қайиқларда ўтаётгани, уйлар ва машиналар қисман сув остида қолгани акс этган.

"Бутун шаҳарни сув босди, сешанба кунги ёмғирдан бери сув сатҳи жуда тез кўтарилмоқда", – дейди шаҳар аҳолисидан бири электр таъминоти узилганини айтиб.

Душанбадан бери давом этаётган ёмғирдан бир қанча қирғоқ провинциялари аҳолиси ҳам жабр кўрди. Марказий вилоятдан 2000 дан ортиқ одам эвакуация қилинди. Уч киши бедарак йўқолган.

Вьетнамнинг шимоли ва жанубини боғлайдиган миллий автомагистралнинг айрим қисмлари ҳам сув тошқинлари туфайли ёпилган.

Синоптикларнинг башорат қилишича, сув сатҳи яна икки кун давомида юқори даражада қолиши мумкин.

Расмий статистик маълумотларга кўра, жорий йилда Вьетнамда табиий офатлар, жумладан, сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 136 киши ҳалок бўлган.

Олимлар иқлим ўзгариши туфайли дунёда экстремал об-ҳаво ҳодисалари кучайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.

Сўнгги хабарлар
telegram