Вьетнам пойтахтидаги портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони олти нафарга етди
ASTANA. Kazinform – Вьетнам пойтахтидаги умумий овқатланиш масканида содир бўлган портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлди, яна ўн киши жароҳат олди. Мамлакат Бош вазири Ле Минь Хинг шифохоналарга ташриф буюриб, жабрланганларни даволаш учун барча тиббий ресурсларни сафарбар этиш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради VNA агентлиги.
Портлаш 24 ноябрда эрталаб соат 8:00 атрофида Ханой шаҳридаги Нгуен Ван Тует кўчасида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида бино қулаб тушган.
Жароҳатланган ўн киши пойтахтдаги учта тиббиёт муассасасига етказилган. Ҳозирда уларга шошилинч ва жадал тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳукумат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, шифокорларга оғир жароҳат олган беморларга алоҳида эътибор қаратиш вазифасини юклади.
Маҳаллий ҳокимият органларига ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, портлаш оқибатида зарар кўрган қўшни биноларнинг ҳолатини текшириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни мустаҳкамлаш вазифаси юклатилди.
Бош вазир ҳодиса сабабларини зудлик билан аниқлаш, қонунбузарликлар аниқланган тақдирда эса қатъий чоралар кўриш вазифаларини ҳам топширди.