Вьетнам парламент делегацияси Қозоғистонга келади
Вьетнам парламент делегацияси Қозоғистон Сенати ва Мажилиси раислари билан учрашади. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

“2023 йилнинг 25-28 сентябрь кунлари Вьетнам Коммунистик партияси Марказий қўмитаси аъзоси, ВСР Миллий мажлиси раисининг биринчи ўринбосари Нгуен Кхак Динь бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистонда бўлади", - деди А. Смадияров ҳафталик брифингида.
Унинг сўзларига кўра, ташриф доирасида Вьетнам вакиллари ҚР Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев, ҚР Парламенти Мажилиси раиси Ерлан Қошанов, Бош вазир ўринбосари Серик Жуманғарин, Алмати шаҳар ҳокими ўринбосари Арман Қириқбаев ва ҚР Коррупцияга қарши кураш агентлиги раиси Асхат Жумағали билан икки томонлама учрашувлар режалаштирилган.
Бундан ташқари, 25-27 сентябрь кунлари Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитасининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Хао Пин Қозоғистонга ташриф буюради.
“Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ташриф доирасида ҚР Парламенти Мажилиси, Ташқи ишлар вазирлиги, Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти ва Л. Гумилев номидаги Евросиё Миллий университетида учрашувлар ташкил этилади”, — деди расмий вакил.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов