Венгрия Ташқи ишлар вазири: Қозоғистон - ЕИнинг Марказий Осиёдаги таянчи
Европа Иттифоқи Қозоғистон билан энергетика соҳасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқчи. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Jibek Joly телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар беради Каzinform.
“Биз Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишини истаймиз, чунки Европа Иттифоқи ишончли энергия билан таъминлаш учун диверсификация қилиш имкониятларини қидирмоқда. Биз Марказий Осиё ишончли ҳамкор ва диверсификациянинг мутлақ ишончли манбаи бўлиши мумкинлигини кўриб турибмиз”, — деди Сийярто.
Вазирнинг таъкидлашича, ЕИ Қозоғистонни минтақадаги “асосий таянч” деб билади, шунинг учун Астана билан ҳамкорлик Европанинг ушбу мақсадини амалга оширишга ҳисса қўшиши керак. Венгрия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларга эътибор қаратган Сийярто 2023 йилни иқтисодий нуқтаи назардан “энг самарали” йил деб атади.
Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрь куни Бош вазир Виктор Орбан Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашувда томонлар таълим соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Шунингдек, ташриф давомида Венгрия компаниялари билан уларнинг Қозоғистондаги фаолияти юзасидан келишувларга эришилди.
3 ноябрь куни Венгрия Бош вазири Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммитида иштирок этди.