Венгрия - Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори
Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.
Венгрия - Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 24 фоизга ошиб, 172 миллион долларга етди.
“Биз савдо айланмасини янада ошириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини кўриб турибмиз ва биз Венгрияга Қозоғистон маҳсулоти экспортини 95 та товар позициясида қарийб 700 миллион долларга оширишга тайёрмиз”, — деди Бош вазир.
Сармоявий ҳамкорлик йўналишида янги имкониятлар очилмоқда. 2005 йилдан бери Венгрия Қозоғистонга тўғридан-тўғри 330 миллион долларга яқин сармоя киритди. Фақат 2021-2022 йилларда 75 миллион долларга яқин инвестиция жалб этилди. Бу умумий инвестицияларнинг чорак қисмини ташкил этади. Виктор Орбан, ўз навбатида, Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги сиёсий алоқалар яхши ривожланганини, шунинг учун энди иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
“Президентингиз имкон қадар биргаликда амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳаларни кўриб чиқишни таклиф қилди. Тажриба шуни кўрсатадики, бир-биридан узоқда жойлашган давлатлар қандайдир флагман лойиҳаси орқали иқтисодда ютуқ яратиши мумкин. Бу бошқа кичик корхоналарни ҳамкорликка жалб этишга ёрдам беради. Эндиги вазифа қайси лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкинлигини аниқлашдан иборат. Умид қиламизки, биз бу йўналишда жадал ишлай оламиз”, — деди Венгрия Бош вазири.