Венгрия компанияси Қозоғистоннинг бирқатор ҳудудларида қуёш электр станцияларини қуради
Венгриянинг Globalia компанияси Қозоғистоннинг бирқатор ҳудудларида қуёш электр станцияларини қуради. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ақордадаги учрашувидан сўнг қўшма баёнотида маълум қилинди, дея хабар беради Каzinform агентлиги.
“Ҳозирда икки давлат ўртасида ҳал этилмаган муаммо йўқ. Бугун биз жаноб Виктор Орбан билан стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган самарали музокаралар олиб бордик. Ҳар томонлама ҳамкорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш халқларимиз манфаатларига мос келади. Биз бугун аниқ ва муҳим музокарага эришдик. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдик. Бу борада товар турини кўпайтириш, янги имкониятлардан фойдаланиш жуда муҳим”, - деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Венгрияга қарийб 700 миллион долларлик 95 хил товар етказиб бериши мумкинлигини таъкидлади.
“Энергетика, металлургия, машинасозлик, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби соҳаларда маҳсулот экспорт қилиш имконияти мавжуд. Инвестицион ҳамкорликни янада жонлантириш учун йирик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга ваъда бердик. Шу боис ўзаро манфаатли лойиҳалар рўйхати ишлаб чиқилади”, — деди Президент.
Унга кўра, йил охиригача Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Рожков газ кони ишга туширилади.
“У ерда Венгриянинг MOL нефт-газ компаниясининг улуши 192 миллион долларни ташкил қилади. Шунингдек, Globalia компанияси мамлакатнинг қатор ҳудудларида қуёш электр станцияларини қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 150 миллион долларни ташкил этади”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.