Венесуэладаги зилзилада ҳалок бўлганлар сони 6,5 мингдан ошди

ASTANA. Kazinform – Венесуэлада 24 июнда кечқурун содир бўлган икки зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6509 нафарга етди. Бу ҳақда 25 августда мамлакат Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес Telegram каналида маълум қилди, деб хабар беради DW нашри.

Венесуэладаги зилзила қурбонлари сони 4700 дан ошди
Фото: Report

Унинг маълум қилишича, шифохоналарда 226 696 нафар жабрланган кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Қидирув-қутқарув ишлари давомида 6462 киши вайроналар орасидан тирик ҳолда олиб чиқилган. Бу кўрсаткич камида июль ойининг ўрталаридан бери ўзгармаган. Ла-Гуайра соҳил штатида ҳалок бўлганларнинг жасадларини вайроналар орасидан олиб чиқиш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Мутахассислар баҳосига кўра, бедарак йўқолганлар сони 10 минг нафаргача етиши мумкин.

Зилзилалар оқибатида камида 190 та бино вайрон бўлган. Ҳукумат маълумотларига кўра, уй-жойидан айрилганларга доимий яшаш учун 335 та турар жой берилган. AFP агентлиги хабар беришича, йил охирига қадар бу кўрсаткични 4 мингтага етказиш режалаштирилган.

«Сейсмик дуплет»

Дастлаб Венесуэлада магнитудаси 7,2 балл бўлган зилзила қайд этилган, орадан бир дақиқа ҳам ўтмай магнитудаси 7,5 балл бўлган иккинчи зилзила содир бўлган. Бундай ҳодиса «сейсмик дуплет» деб аталади.

24 июнда маҳаллий вақт билан соат 18:00 атрофида содир бўлган биринчи зилзиланинг эпицентри Кариб денгизи соҳилидаги Морон шаҳрининг ғарбий қисмида, ундан 28 километр узоқликда ва Каракасдан тахминан 168 километр масофада жойлашган. Зилзила ўчоғи 13 километр чуқурликда бўлган.

Иккинчи зилзиланинг эпицентри Морондан 16 километр узоқликда, ўчоғи эса 10 километр чуқурликда қайд этилган.

Зилзила оқибатларини бартараф этиш учун Венесуэла ҳукумати Халқаро валюта жамғармасидаги ўз ресурсларидан 346 миллион доллар маблағ сарфлаган. Бу ҳақда июль ойининг ўртасида Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес маълум қилган эди.

У 1 июлда зилзила қурбонларини хотирлаш муносабати билан мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилган. Шу пайтда ҳалок бўлганларнинг расмий сони тахминан 2300 нафарни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Венесуэладаги иккита зилзиладан бир ой ўтганидан кейинги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 5,5 мингдан ошгани ҳақида хабар берган эдик.