Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам дадил қарорлар қабул қилишга тайёр бўлишлари керак – Президент

ASTANА. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев Лойиҳа офиси фаолияти билан танишди. EXPО шаҳарчасида жойлашган Лойиҳа офиси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва стратегик ташаббусларни амалга оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Олий ҳокимият қошидаги бундай тузилмалар дунёнинг қатор мамлакатларида мавжуд. Масалан, Буюк Британияда Бош вазирнинг лойиҳа офиси (Prime Minister`s Delivery Unit), Малайзияда PEMANDU, Бирлашган Араб Амирликларида эса Акселерация идораси мавжуд.

Лойиҳа офиси Давлат раҳбарининг мурожаатларини ва Қозоғистон Миллий тараққиёт режасининг устувор йўналишларини сифатли амалга ошириш бўйича ечимлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Президентга фискал барқарорликни ошириш бўйича платформа ечимларини жорий этиш, Манғистау вилоятини ривожлантириш, инсон капиталини шакллантириш ва ривожлантириш каби стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш, таълим ва маърифат, энергетика, сув, саноат ва қурилиш, рақамли, инновацион ва минтақавий ривожланиш каби соҳалар бўйича иш олиб бориш учун идоралараро гуруҳларни тузди. Бу маълум бир соҳадаги муайян вазифага эътибор қаратиш ва тезроқ ва сифатли натижаларга эришиш имконини беради.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Лойиҳалар билан танишар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда салмоқли муваффақиятларга эришиш учун ҳукумат аъзолари дадил қарорлар қабул қилишлари кераклигини таъкидлади.

- Олдимизда турган мақсадлар жуда муҳимдир. Энг муҳими, Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини қаттиқ назорат қилиш зарур. Ушбу марказнинг асосий мақсади ислоҳотлар самарадорлигини оширишдан иборат. Бу ишларни Президент Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Дархан Сатибалди назорат қилади. Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам дадил қарорлар қабул қилишга тайёр бўлишлари керак. Ҳукумат олдига аллақачон аниқ вазифа қўйганман. Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича қарорлар имкон қадар мустақил равишда қабул қилиниши керак. – Аниқ натижаларни талаб қиламан, – деди Давлат раҳбари.

Тоқаев
Фото: Ақорда

 

Президент вазирлар ва раҳбарларни бир қатор вазифаларга эътибор қаратишга чақирди.

– Биз ҳозирда йирик инфратузилма лойиҳалари, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва атом энергетикасига эътибор қаратмоқдамиз. Чунки буларнинг барчаси давлатимизни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишларидир. Ҳукумат ўз фаолиятида ана шу муҳим масалаларни ҳисобга олиши керак, — деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев атом энергетикасини ривожлантириш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтди.

– Атом электр станцияси қурилишини тезлаштириш керак. Ana tili газетасига берган суҳбатимда иккита катта станция қурамиз, дедим. Улардан ҳатто учтаси ҳам бўлиши мумкин. Биз Қозоғистонни ривожланган атом энергетикаси, сунъий интеллект ва тўлиқ рақамлаштиришга эга давлатга айлантиришимиз керак, ­— деди Давлат раҳбари.

Сўнгги хабарлар