Валенсиядаги тошқин қурбонларига ёрдам бериш учун 10 минг аскар ва полиция юборилди
ASTANA. Kazinform – Испания бош вазири сув тошқинидан жабрланган Валенсияга 10 минг аскар ва полициячини юборишни буюрди. Бу ҳақда ВВС ёзди.
Табиий офат қурбонлари сони аллақачон 200 дан ошди. Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги ҳукуматни хавф ҳақида ўз вақтида огоҳлантирмаганликда ва ҳодисага жуда секин муносабатда бўлганликда айбламоқда.
Испания бош вазири Педро Санчес 5000 нафар ҳарбий хизматчи ва бир хил миқдордаги полиция ходимлари жабрланган ҳудудларга юборилишини айтди. Шундай қилиб, сув тошқини оқибатларини бартараф этишда иштирок этаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг умумий сони 17,5 минг нафарни ташкил этади.
"Гап фавқулодда хизматлар ва армиянинг мамлакатимиз кўрган энг йирик тинчлик давридаги операцияси ҳақида кетмоқда", – деди Санчес.
У Валенсиядаги сув тошқинини Испания бу асрда бошдан кечирган энг даҳшатли табиий офат деб атади.
Испаниянинг шимоли-шарқида ва жанубида якшанба кунига қадар экстремал об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришлар сақланиб қолади. Шанба куни расмийлар Балеар ороллари, шунингдек, Каталонияда кучли ёмғир ёғиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испанияда сув тошқинлари оқибатида камида 200 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эдик.