Вақт минтақаси масаласи бўйича экспертлар ва Ҳукумат аъзолари Мажилисга таклиф этилди
ASTANА. Кazinform – Бугун Мажилисда бўлиб ўтган «AMANAT» партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар ёзги мавсумда ҳудудларга ташрифи чоғида сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларни муҳокама қилди. Кўпгина ҳудудларда тез-тез кўтарилган муаммолардан бири вақт минтақасини қайта кўриб чиқиш мавзуси эди. Муҳокама якунлари бўйича мазкур масалани жамоатчилик таклифини инобатга олган ҳолда, манфаатдор давлат органлари ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган Мажилиснинг навбатдаги ялпи мажлисларидан бирида кўриб чиқишга қарор қилинди.
Маъруза аввалида Мажилис спикери, «AMANAT» партияси раиси Ерлан Қошанов депутатларнинг ҳудудларга ташрифи чоғида аҳолининг йиғилган барча муаммолари тизимли йўлга қўйилиб, уларни ҳал этилиши учун Ҳукуматга юборилишини таъкидлади. Бу борадаги ишлар натижалари йил якунида бўлиб ўтадиган Мажилиснинг ялпи мажлисларидан бирида кенг муҳокама қилинади.
Шу муносабат билан бир қатор депутатлар Шарқий Қозоғистон, Ақмола, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Абай ва Жетису вилоятлари аҳолисини ўйлантираётган долзарб масалалардан бири UTC+5 вақт форматига ўтиш эканлигини таъкидладилар. Учрашувларда фуқаролар томонидан депутатларга айнан шу муаммо – ярим тунда тонг отиши, одатдагидан анча эрта қоронғу тушиши туфайли юзага келаётган ноқулайликлар ҳақида кўплаб далиллар келтирилди. Буларнинг барчаси одамларнинг кундалик ҳаётига салбий таъсир қилади.
Қолаверса, бир гуруҳ ташаббускор фуқаролар томонидан мазкур масала юзасидан петиция эълон қилингани жамиятда қизғин мавзуга айланган. Мажилиснинг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида бу масалани «AMANAT» партияси фракцияси аъзоси, Шарқий Қозоғистон вилоятидан сайланган бир мандатли депутат Луқбек Тумашинов кўтарди. Бироқ Савдо ва интеграция вазирининг бу масала уч йилдан кейин кўриб чиқилиши ҳақидаги жавоби жамоатчилик томонидан етарли эмас, деб топилди.
Бу борада депутатлар Луқбек Тумашинов, Ринат Заитов, Юлия Кучинская, Даулет Муқаев, Нуртай Сабильянов, Асхат Аймағамбетов, Дуйсенбай Турғанов ва бошқа фуқаролар ўз фикрларини билдирди.
Фракция депутатлари ушбу мавзу атрофидаги катта жамоатчилик резонансини инобатга олган ҳолда, муҳокамалар натижасида келгусида депутатлар иштирокида ўтказиладиган Мажлиснинг ялпи мажлисларидан бирида манфаатдор давлат органлари, олимлар, экспертлар ва ҳудудий вакиллар иштирокида соат минтақасини ўзгартириш масаласини очиқ кўриб чиқишга қарор қилдилар. Мажлис якунлари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга тақдим этиш режалаштирилган.