V Бутунжаҳон кўчманчи ўйинлари якунига етди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон пойтахтида беш кун давом этган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ўз якунига етди. 21 спорт тури бўйича 89 давлатдан келган спортчилар ўзаро куч синашди ва тарихнинг янги саҳифаси ёзилди.
Мусобақа юқори савияда ташкил этилганини, маънавий қувват олганини узоқ-яқиндан келган мухлислар таъкидлашди.
Мусобақанинг ёпилиш маросимида сўз олган Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоғон мусобақани юқори савияда ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорчилик билдирди.
“Қозоғистон нафақат туркий халқларга, балки бутун дунёга қардошлик ва ҳамкорликни кўрсата олди. Спорт тадбири орқали туркий тилли давлатларнинг бой маданияти ва анъаналари, айниқса, тараннум этилди”, – деди у.
Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосинов мусобақа шу қадар қизғин ўтгани, ғолиблар орасида турли мамлакатлар вакиллари ҳам кўплигини таъкидлади.
“Қозоқ заминида ташкил этилган шов-шувли мусобақа бой мазмунга эга мусобақа сифатида баҳоланмоқда. Миллий спортимиз бутун дунёга танилди, маданиятимиз янада тарғиб қилинди. Турк дунёсининг олтин бешиги бўлмиш қозоқ заминида Бутунжаҳон кўчманчи ўйинлари ташкил этилгани биз учун катта шараф”, – деди вазир.
Шундан сўнг, анъанага кўра, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш дирекцияси раҳбари Наил Нуров Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Ербол Мирзабосиновга муқаддас сув билан тўла идишни совға қилди. Ва у ўз навбатида уни навбатдаги Бутунжаҳон кўчманчи ўйинларига мезбонлик қиладиган Қирғизистон вакилига тақдим этди. Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири байроқни кўтариб, қозоғистонликларни икки йилдан кейин ўтказиладиган тадбирга меҳмонга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида жами 97 та медаллар жамланмаси баҳоланди. Қозоғистон терма жамоаси умумий ҳисобда етакчилик қилди.