Ўзбекистонда профилактика инспекторини уриб, машинаси ойналарини синдирган фуқаролар қамоққа олинди

Ўзбекситонда профилактика инспекторини уриб, машинаси ойналарини синдирган фуқаролар қамоққа олинди
Фото: Самарқанд вилояти ИИБ

Самарқанд шаҳрида жанжал бўлаётгани юзасидан келиб тушган чақириққа кўра хонадонга борган профилактика инспектори уй эгалари томонидан калтакланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Gazeta.uzга таяниб.

Шунингдек, профилактика инспекторига тегишли машина ойналари синдирилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 2 фуқаро қамоққа олинди.

Ўша куни соат 19:30 да шаҳарнинг Бунёд маҳалласида яшовчи фуқаро М.Р. 102 операторига қўнғироқ қилиб, яшаш хонадонида жанжал бўлаётганини маълум қилган ва инспектор юборишни сўраган.

Шунга кўра, профилактика инспектори А.Т. хонадонга борган.

«Шу вақтда муқаддам Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаролар М.Р., унинг опаси, турмуш ўртоғи ва укаси ўзаро жанжаллашаётганини кўриб, уларни ажратиб, жанжалга чек қўймоқчи бўлган. Аммо фуқаролар профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, унинг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Шунингдек, инспекторга тегишли Spark машинасининг олд ойнасини синдириб, моддий зарар етказган», – дейилади ИИБ баёнотида.

Фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИБнинг аниқлик киритишича, фуқароларнинг бири процессуал тартибда қамоққа олинган, яна бир фуқаро уй қамоғида сақланмоқда. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқоридаги моддага кўра айбдор деб топилган шахслар 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Сўнгги хабарлар
telegram