«Ўзбекконцерт» ташкилотни огоҳлантирмай хорижда концерт берадиган санъаткорларнинг лицензиясини тўхтатади
TASHKENT. Kazinform - «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси матбуот хизматининг маълум қилишича, хорижда концерт беришни режалаштираётган Ўзбекистон санъаткорлари ўз гастроллари ҳақида «Ўзбекконцерт»ни ёзма равишда хабардор қилиш шарт, дея хабар беради Kazinform.
Хабарда таъкидланишича, мазкур тартиб «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонунининг 21-моддаси ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлардан ўрин олган.
«Муассасасини ёзма хабардор қилмасдан Ўзбекистондан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади», — дейилади «Ўзбекконцерт» хабарида.
Шунингдек, муассаса матбуот хизмати мавжуд вазиятга эътибор қаратиб, санъаткорларни огоҳлантирди.
«Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас. Лицензия талаб ва шартларига риоя қилмаган санъаткорларнинг лицензияси „Ўзбекконцерт“ давлат муассасаси томонидан муддатидан олдин тўхтатилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.