Ўзбекистоннинг олтин валюта захиралари 2,37 миллиард долларга камайди

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 1 март ҳолатига кўра, расмий захира активлари 34,56 миллиард доллардан 32,19 миллиард долларга камайган. Яъни, январь-февраль ойларида у 2,37 миллиард долларга камайди.
Регулятор маълумотларига кўра, халқаро захираларнинг ўзгариши одатда январь-февраль ойларида содир бўладиган мавсумий тенденциядир.
“Халқаро захиралар миқдорининг йил бошидаги миқдорга нисбатан ўзгариши мавсумий характерга эга ва одатда январь-февраль ойларида кузатиладиган оддий тенденциядир. Шунингдек, бу динамикага 2019 йилда чиқарилган еврооблигацияларнинг бир қисмини тўлаш ҳам таъсир кўрсатди”, – дейилади Марказий банк хабарида.
Ўзбекистон олтин заҳираларининг қиймати ҳам пасайди. Хусусан, 24,63 миллиард доллардан 24,09 миллиард долларга камайган.
Бундан ташқари, 2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин валюта захиралари 1,2 миллиард долларга, қимматбаҳо металлар ҳажми эса қарийб 24,8 тоннага камайди.
Умуман олганда, ўтган йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Ўзбекистон кўп олтин сотган давлатлар орасида етакчилик қилди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 11 ойида Ўзбекистон 8,15 миллиард долларлик олтин экспорт қилган. Бу 2022 йилга нисбатан 2,3 баробар кўп ва ўз навбатида рекорд кўрсаткич ҳисобланади.