Ўзбекистонда жорий йил октябрь ойида фуқаролардан 255 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари олинди
TASHKENT. Kazinform - Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан республика миқёсида ўтказилган "Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича долзарб ойлиги" доирасидаги тадбирда 1155 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан 255 кг 420 гр гиёҳвандлик воситалари олинди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизматига таяниб.
Унга кўра, тадбир давомида 99 кг марихуана, 67 кг героин, 63 кг гашиш, 15 кг синтетик, 11 кг опий ва 691 гр кўкнори гиёҳвандлик воситаларининг аҳоли орасида ноқонуний йўллар билан тарқатилишининг олди олинди.
Шунингдек, тадбир давомида 824 747 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, уларни "закладка" усулида тарқатиб келаётган гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди.
Ҳудудларда олиб борилаётган назорат тадбирлари натижасида 287 туп таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган ўсимликлар етиштирилаётгани аниқланиб йўқ қилинди.
Умумий ҳисобда ноқонуний муомаладан олинган ашёвий далилларнинг чакана нархи 161.4 млрд сўмни(1 АҚШ доллари – 12 825.0072 сўм) ташкил этди.