Ўзбекистонда заргарлик буюмларини декларация тўлдирмасдан олиб чиқишга рухсат берилди

Заргарлик буюмлари
Фото: очиқ манбалардан олинган

Ўзбекистонда заргарлик буюмларини олиб чиқиш бўйича президент фармони (ПФ–185-сон, 31.10.2023 й.) билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги расмий huquqiyaxborot Telegram-каналига таяниб.

Унга кўра, жисмоний шахслар қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиши мумкин.

Илгари қиймати 5 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилган.

Шунингдек, Ҳукумат қарори (283-сон, 14.05.2020 й.) билан тасдиқланган низомга киритилган кўшимчага кўра, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда маълумотларни ТСОЯЭАТга киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат берилади.

Сўнгги хабарлар
telegram