Ўзбекистонда йил давомида мева ва сабзавотлар нархи қандай ўзгарган
2024 йил якуни бўйича Ўзбекистонда расмий инфляция 9,8 фоизни, декабрда эса 1 фоизни ташкил этди. Йил давомида картошка деярли 40 фоизга, сабзи 18,3 фоизга қимматлашган, деб ёзади EastFruit.
2024 йилда Ўзбекистонда инфляция 9,8 фоизни ташкил этди. Бу Марказий банкнинг инфляция прогнози бўйича дастлабки (8-9%) ва янгиланган (9,5%) кўрсаткичларидан бироз юқоридир. Бу кўрсаткич 2023 йилдаги инфляциядан (8,77%) юқори, лекин 2022 йил (12,25%) ва 2021 йил (9,98%)дагидан паст.
ЎР Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига таяниб, Gazeta.uzнинг хабар беришича, декабрь ойида нархлар 1,04 фоизга ошган, бу камида охирги беш йилдаги энг паст кўрсаткичдир.
Ўтган ойда озиқ-овқат нархлари ўртача 1,8 фоизга ошди (йиллик ҳисобда 2,4 фоизга ўсди). Ноозиқ-овқат товарлари 0,7 фоизга (7,7 фоизга), пуллик хизматлар нархи 0,4 фоизга (26,7 фоиз) қимматлашди.
Декабрь ойида нархларнинг асосий ўсиши (мева-сабзавот бундан мустасно) тухум (+19,5%), пахта ёғи (+9,2%) ва кунгабоқар ёғи (+6,1%) каби озиқ-овқат маҳсулотларида қайд этилди.
Декабрь ойида бодринг нархи 52,7 фоизга, булғор қалампири 46,5 фоизга, бақлажон 27,7 фоизга, помидор 22,4 фоизга, картошка 6,3 фоизга, карам 6 фоизга, пиёз 5,7 фоизга қимматлашган.
Йиллик ҳисобда картошка таннархи 39,9 фоизга, сабзи 18,3 фоизга, пиёз 2,2 фоизга ошган.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, лавлаги 4,1 фоизга, сабзи 4,3 фоизга, банан 13,5 фоизга арзонлашган.