Ўзбекистонда япон қўғирчоқлари кўргазмаси намойиш этилди
TASHKENT. Kazinform - Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Бадиий академия ҳамкорлигида ташкил этилган “Япон қўғирчоқларининг санъати ва гўзаллиги" номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА агентлиги.

Япон анъанавий қўғирчоқлари “нингё” деб аталади. Бу қўғирчоқлар болалар ўйнай олишмайдиган даражада катта. Бундай қўғирчоқлар бутун оламни ўзига мужассамлаштирганки, эстетика, дин ва ҳаттоки, тасаввуфни ҳам ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам Японияда ҳайратланарли бўлса-да, қўғирчоқларнинг кўп қисми катталарга мўлжалланган.
“Нингё”ни “одам шакли” деб аташ ҳам мумкин. У бошиданоқ жиддий ниятларга хизмат қилган. Катталарнинг мақсади – уйи ва оиласини касалликлардан, лаънатланган, ёвуз руҳлардан асраш.
Кўргазмада қайд этилганидек, япон қўғирчоқлари кўргазмасида намойиш қилинаётган қўғирчоқларнинг ҳар бири маълум тарихга эга. Асосийси, қўғирчоқларнинг гўзал ва нафислиги сизни бефарқ қолдирмайди.
Кўргазма жорий йилнинг 5 мартигача давом этади.