Ўзбекистонда янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда
TASHKENT. Kazinform - Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари туман ва шаҳарларини боғловчи “Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси”, Хоразм ва Қорақалпоғистон орқали ўтувчи “Қалъалар ҳалқаси” туристик маршрутлари ишлаб чиқилди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
Бу ҳақда ЎР Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
“Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси” туристик йўналиши жами Фарғонада 22 та, Андижонда 18 та ва Наманганда 17 та ташриф объектларини ўз ичига олган.
Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб “Қалъалар ҳалқаси” туристик йўналиши хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга қадимий қалъалар – Ичан қалъа, Улли ҳовли, Қалажиқ қалъа, Сулаймон қалъа, Тошқалъа, Аязқалъа, Тупроққалъа ва Элликқалъа тарихи билан яқиндан танишишга имконият яратади.
Қайд этилишича, бунинг натижасида сайёҳларнинг қолиш муддати 2 кундан 3 кунга узаяди. Қўшимча хизмат турлари йўлга қўйилади.
“Мазкур туристик йўналишлар мамлакатимизнинг қадимий қадамжоларига хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ва юртимиз туризм салоҳиятини оширишга ёрдам беради”, — дея қайд этилган хабарда.