Ўзбекистонда яна бир янги русумли автомобиль ишлаб чиқарилади

Ўзбекистон
Фото: UzA

Ўзбекистонда яна бир автокорхона фаолият бошлайди. Бу гал электромобиль, яъни муқобил энергия билан ишловчи машина чиқарувчи қўшма корхона очилади, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

ЎР Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Хитойнинг “BYD” конгломерати билан Ўзбекистонда гибрид ва электр автомобили, шундай машиналар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича битим имзолади. Мазкур ҳужжат асосида “BYD” компанияси ва “Ўзавтосаноат” AЖ томонидан мамлакатимизда гибрид ва электр автомобиль ишлаб чиқарувчи “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳасининг биринчи ва иккинчи босқичида 50 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Учинчи босқич якунланиши билан айни кўрсаткич 300 мингни ташкил этади.

“BYD Uzbekistan Factory” халқаро электромобиль бозори етакчисининг Хитойдан ташқаридаги биринчи қўшма корхонасидир. Бу жараёнда республиканинг саноат, фан, техника, хусусан машинасозлик соҳасидаги ютуқлари ва энг муҳими, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Хитойнинг мазкур концерни 2022 йил муқобил энергия ёрдамида ҳаракатланувчи автомобиль ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчисига айланди.

Сўнгги хабарлар
telegram