Ўзбекистонда вояга етмаган "детдом" қизлари билан жинсий алоқа қилган мансабдорлар қамалди

Суд
Фото: Kazinform

Суд мажлисида Адлия ва ФВБ бошлиқлари ушбу жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва ЖКнинг тегишли моддаси билан суд залидан қамоққа олинди, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматига таяниб.

Аввалроқ Хоразмда Адлия ва ФВБ бошлиқлари меҳрибонлик уйида тарбияланувчи қизлар билан жинсий алоқада бўлиб келгани маълум бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилган эди.

Бугун Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида А.М. (1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва А.Қ. (1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган)га оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, ушбу жиноят иши ЖПКнинг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмининг А.М. ва А.Қ.га оид қисми бекор қилиниб, судланувчилар А.М. ва А.Қ. ЖКнинг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва ЖКнинг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа судланувчиларга нисбатан қўлланилган "гаров" тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, А.М. ва А.Қ. суд залидан қамоққа олинди.

Сўнгги хабарлар