Ўзбекистонда туризм соҳасини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун онлайн платформа яратилади
Ўзбекистонда Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, туризм индустрияси ҳолатини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун онлайн платформа яратилади, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабарига кўра, Пекинда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев Хитой Туризм ва маданият академияси раҳбари Лина Чжун билан Big Data платформасидан сайёҳлик учун фойдаланиш масаласини муҳокама қилган.
“Ўзбекистон томони академия томонидан яратилган ва Хитойнинг туризм соҳаси ҳолатини онлайн мониторинг қилиш ва баҳолаш учун 300 дан ортиқ индикатор ва 140 та индексни тақдим этувчи “Tourism Big Data Platform” билан танишди”, - дейилади бошқарма хабарида.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистонда ҳам ана шундай платформа яратиш, ҳамда мамлакатнинг туризм соҳаси ҳолатини мониторинг қилиш ва баҳолаш имкониятларини синаб кўриш бўйича келишувга эришилди.
Туризм индустрияси Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бирига айлангани ҳақида аввал хабар қилинган эди. Жорий йилнинг 11 ойида туризм хизматлари экспорти 2 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йил охиригача Ўзбекистон 7 миллион хорижий сайёҳни қабул қилиш ниятида.