Ўзбекистонда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари жорий йили қандай ўтказилади

последний звонок, школа
Фото: Мухтор Холдорбеков/ Kazinform

TASHKENT. Kazinform - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА ёзган.

Вазирлик матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари жорий йил 25 май соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади.

Тадбирларга мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади. Маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади.

Фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади. Йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади.

Мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси” номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.

2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:

➖ турли ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшомлари”ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;

➖ битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш.

➖ ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимдаги барча ходимлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан жорий ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказишда мазкур тавсияларга амал қилишларини сўраб қолади.

Сўнгги хабарлар