Ўзбекистонда спортдаги коррупция учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Футбол
Фото: Наталья Зинченко/Kazinform

Ўзбекистон Парламенти матбуот хизмати хабарига кўра, депутатлар кейинги йилларда спортни оммавийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Бироқ, спортдаги коррупция ҳолатлари спортчилар ва ҳаваскорларнинг, шунингдек, миллионлаб томошабинларнинг спортга бўлган ишончини йўқотишига олиб келади.

“Шу боис, бугунги кунда спортда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган нормаларни жорий этиш, тегишли стандарт ва қоидаларни қабул қилиш зарурати туғилади”, – деди депутатлар.

Қонун лойиҳасида спорт мусобақалари иштирокчиси ва ташкилотчиси томонидан моддий бойликларни ёки мулкий неъматларни қонунга хилоф равишда олганлик, шунингдек, спорт мусобақалари иштирокчиси ва ташкилотчисига пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган.

“Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий қонунчиликни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришга, спорт соҳасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, ҳар бир инсон учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, сўнгги беш йил ичида 77 нафар футболчи ва спорт мутасаддилари келишилган ўйинларга жалб қилинган. Шундай қилиб, 2019-2023 йилларда келишилган ўйинларда 30 нафар футболчи ва ҳакам, 8 нафар мураббий, 7 нафар футбол клуби раҳбари ва 2 нафар футбол клуби маъмурияти ходими иштирок этгани аниқланди.

Сўнгги хабарлар