Ўзбекистонда содир этилган қотилликларнинг 40 фоизга яқини оилавий келишмовчиликлар туфайли рўй берган

ТASHKENT. Кazinform – 2023 йилда содир этилган 363 та қотилликнинг 141 таси ёки 38,8 фоизи оилавий келишмовчиликлар туфайли содир бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди, деб хабар беради Kazinformнинг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

Оилавий келишмовчиликлар
Фото: freepik.com

Сенат таҳлилига кўра, оғир жиноятлар оилавий муаммолар ва низоларни ўз вақтида ҳал этмаслик натижасида содир этилмоқда. Бу борада Ички ишлар, Бандлик ва камбағалликка қарши курашиш вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси, шунингдек, Ёшлар масалалари агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар натижасида 6 минг 634 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қиз хизматга жойлаштирилди. Шунингдек, уларнинг 11 мингга яқинига тиббий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Оилавий зўравонлик қурбони бўлган 40 мингдан ортиқ аёлга ҳимоя ордерлари берилди. Профилактик тадбирлар кўмагида 17 минг 327 оила яраштирилиб, 1 минг 450 нафар аёл реабилитация ва мослашиш марказларига жойлаштирилди.

Бундан ташқари, йиғилишда кўтарилган муҳим масалалардан бири вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишдир. Масалан, ўтган йили ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 5,3 фоизга ошган. Шу боис мазкур йўналишга эътиборни кучайтириш механизмлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик сенаторлар йўл-транспорт ҳодисалари масаласини эътибордан четда қолдирмади. Ўтган йили ушбу мамлакат ҳудудида 9839 та автоҳалокат қайд этилган, 9209 киши тан жароҳати олган, 2282 киши ҳалок бўлган. Болалар иштирокида 1794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, 1568 нафар бола жароҳатланган, 263 нафар бола ҳалок бўлган.

Сўнгги хабарлар