Ўзбекистонда Сайлов кодексига мажоритар, пропорционал сайлов тизимини киритиш таклиф этилмоқда

Ўзбекистонда Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Ўзбекистон
Фото: UzA

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Маълум қилинишича, Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

“Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда. Шу билан бирга, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар йиғилишларида қизғин муҳокама қилиниб, таклифлар билдирилди”, - дейилади агентлик хабарида.

Сўнгги хабарлар