Ўзбекистонда пиёздан ҳосил олиш бўйича рекорд ўрнатилди
Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти фермери бир гектар майдондан 150 тонна пиёз олиб, бу сабзавот ҳосили бўйича янги рекорд ўрнатди, деб хабар беради Кazinform агентлиги мухбири.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 4,5 миллион гектар майдонда 92,1 миллион тонна пиёз етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 19,3 тоннани ташкил этмоқда. Пиёз етиштириш бўйича жаҳон етакчилари - Хитой, Ҳиндистон, АҚШ ва Эрон.
Ўзбекистонда фермерлар қишлоқ хўжалигида серҳосил янги навларни яратиш, уруғлик ва кўчат етиштиришнинг такомиллаштирилган технологияларини, шунингдек, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қўллаш орқали қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини ошириш борасида фаол иш олиб бормоқда.
– Жиззах вилояти Зомин тумани Чорвадор қишлоғидаги фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Мирзаев жорий йилда тик қудуқ қазиб, томорқаларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилди. Натижада, ҳосилдорлик гектарига 150 тоннани ташкил этди ва бу мутлақ рекорддир, - деб хабар қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
– Бу йил эришилган натижалар билан чекланиб қолиш ниятимиз йўқ, келгуси йили олимлар билан ҳамкорликда гектарига 160 тонна ҳосил олишни мўлжалламоқдамиз. Келгуси уч йил ичида ҳосилдорликни гектарига 200 тоннага етказишни мақсад қилганмиз, – дея қўшимча қилди фермер Бахтиёр Мирзаев.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков