Ўзбекистонда пенсия тайинлаш ва тўлашда бюрократия қисқартирилади

TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларнинг айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар беради Kazinform.

Ўзбекистонда пенсия тайинлаш ва тўлашда бюрократия қисқартирилади
Фото: freepik.com

Ҳужжат "Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни ижро этиш, шунингдек фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида қабул қилинди.

Бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қуйидагиларга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

  • пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳисобига ортиқча бюрократик юкни бартараф этиш;
  • пенсия тайинланганлиги тўғрисидаги қоғоз маълумотномани бериш бекор қилиниши муносабати билан маълумотларни махсус ахборот тизими орқали электрон тарзда шакллантириш;
  • товар ва хизматлар истеъмол нархлари индекси даражасини ҳисобга олган ҳолда пенсияларни индексация қилиш;
  • маъмурий ислоҳот асосида вазирлик ва идоралар номлари ҳамда мажбуриятларига ўзгартиришлар киритиш.

Ҳужжат билан қуйидагиларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низом.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 ноябрдан табиий газнинг ижтимоий нормаси миқдори оширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар