Ўзбекистонда одам ва ҳайвонларга оид касалликларга қарши курашиш учун янги лойиҳа йўлга қўйилди

Ўзбекистон
Фото: gazeta.uz

TASHKENT. Kazinform - USAID, ФАО ва Ветеринария қўмитаси Ўзбекистонда трансчегаравий ҳайвонлар касалликлари, жумладан, зоонотик касалликларга қарши кураш бўйича янги лойиҳа бошлади. Бунда «Ягона саломатлик» ёндашуви COVID-19 пандемияси каби эҳтимолий инқирозларга тайёргарликни оширади, деб хабар беради Kazinform gazeta.uzга таяниб.

28 февраль куни АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда трансчегаравий ҳайвонлар касалликларига қарши курашишга қаратилган 800 минг долларлик янги лойиҳани бошлади.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда ҳайвонлар ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган турли таҳдидларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга ўз вақтида жавоб бериш салоҳиятини оширишдан иборат.

Семинарда «Глобал саломатлик хавфсизлиги — Ўзбекистонда ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш, „ягона саломатлик“ ва антимикроб резистентлик борасида салоҳиятни ошириш ва зооноз таҳдидларни юмшатиш» лойиҳасининг мақсадлари тақдим этилиб, йиллик иш режаси тасдиқланди ва ушбу ташаббусни амалга оширишдаги асосий тадбирлар ва устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

«Чорвачилик қишлоқ аҳолиси салмоқли қисмининг даромад манбаи бўлиб, Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Инсон саломатлиги, уй ва ёввойи ҳайвонлар, ўсимликлар ва экотизимлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. ФАО ушбу ташаббусни инсон, ҳайвон, ўсимлик ва атроф-муҳит саломатлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш доирасида қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлади ФАО`нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

COVID-19 пандемияси ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар нисбатан қисқа вақт ичида бирор мамлакат ёки минтақага етиб бориши ва кенг тарқалиши мумкинлигини кўрсатди. Миллий, минтақавий ва глобал даражада кўп тармоқли «Ягона саломатлик» ёндашувининг жорий этилиши касалликларнинг самарали олдини олиш ва назорат қилишга ёрдам беради, чунки янги юқумли касалликларнинг аксарияти ҳайвонлардан келиб чиқади.

Сўнгги хабарлар