Ўзбекистондаги қозоқ ёзувчиларининг китоблари нашр этилди
ТASHKENT. Кazinform - Ўзбекистондаги қозоқ ёзувчиларининг бир қатор китоблари нашр этилди, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносида ўтказилган китоб тақдимоти маросимида таниқли адиблар, журналистлар, қозоқ маданий маркази раиси ва аъзолари, Ўзбекистондаги қозоқ адабиёти кенгаши раиси иштирок этди.
Китобхонларга тақдим этилиши арафасида турган 3 та китоб ҳам қозоқ миллий-маданий маркази маблағи ҳисобидан нашр этилган.

Улардан биринчиси Ўзбекистондаги таниқли қозоқ ёзувчиси Сапарбек Иманбековнинг «Достарымыз жырлайды» китобидир. Муаллиф 4 халқнинг адабий дурдоналарини қозоқ тилига таржима қилган.
“Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида янги асарлар тақдимоти ўтказилмоқда. Бу йил мен катта лойиҳага киришдим. Хусусан, ўзбек, рус, қорақалпоқ, қирғиз тилларидан таниқли адибларнинг шеърларини қозоқ тилига таржима қилдим. Мен 44 йил мактабда ишлаганман, шунинг учун болаларга жуда яқинман. Шу боис, қозоқзабон фарзандларимиз бошқа миллат ёзувчилари ижоди билан яқиндан танишишлари учун ушбу китобни нашр этаяпман. Қолаверса, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ниятим бор”, — деди Сапарбек Иманбеков.
Муаллиф таъкидлашича, «Достарымыз жырлайды» китоби ёшларни ватанпарварлик, ахлоқ-одобга даъват этади.
Шу билан бирга, яна бир асар – «Қайран дүние» тақдим этилди. Бу китоб Ўзбекистондаги таниқли қозоқ ёзувчиси, 18 китоб муаллифи Абдулла Рустемовнинг қаламига мансуб.

“Бу китобда бутун ҳаётий тажрибамни ёздим. Унда қозоқ мактабларида ўқиётган болалар учун ёзган тарбиявий шеърларим жамланган. Ота-она, ватан, одоб-ахлоқ, келажак ҳақидаги ўйларим, маслаҳатларимни тақдим этдим. Кўрган, ўрганганларимни шеър орқали ёшларга етказишга ҳаракат қилдим”, – деди Абдулла Рустемов.
Унинг сўзларига кўра, бугун ҳукумат ва Ўзбекистондаги қозоқ маданий маркази нашриёт соҳасини қўллаб-қувватлашни кучайтирган.
“Қозоқ маданий маркази кейинги 7-8 йил ичида 40 дан ортиқ китобларни нашр этишга ёрдам берди. Бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаган. Эзгу ишлар давом этишига умид кўп”, — дея хулоса қилди Абдулла Рустемов.
Шунингдек, журналист, телебошловчи Роҳила Мансурованинг 80 йиллигига бағишланган «Өрлеу» номли китоби тақдим этилди.
Қозоқ маданий маркази раиси Серикбай Усенов бу китобларнинг барчаси Ўзбекистон бўйлаб қозоқ мактабларига тарқатилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистонда бир қатор қозоқ адибларининг юбилейи нишонланади.