Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 30,4 фоиздан 14,1 фоизга пасайди

2023 йилда БМТ томонидан эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг давлатлараро рейтингида Ўзбекистон ўз рейтингини 8 поғонага ошириб, 166 та мамлакат орасида 69-ўринни (2022 йилда 77-ўрин) эгаллаган.
SDG Index ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 16 та мақсаддан 11 таси бўйича барқарор ривожланиш кўрсаткичларининг ижобий ўсиши қайд этилди. Жумладан, камбағалликни қисқартириш (1-мақсад), озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш (2-мақсад), саломатлик ва фаровонлик (3-мақсад), гендер тенглиги (5-мақсад), сифатли таълим (4-мақсад), тоза сув ва санитария (6-мақсад) кабилардир.
МҲТИ бош илмий ходими Юлдуз Абдуғаниеванинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг 2023 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасидаги биринчи (2022) ва иккинчи (2023) Ихтиёрий миллий ҳисоботлари БМТ томонидан ижобий баҳоланган.
– Бунда 1-мақсад – Ўзбекистонда камбағалликни сезиларли даражада қисқартириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижасини кўриб чиқамиз. Аввало, ушбу мақсадни амалга ошириш учун камбағалликка қарши курашишнинг зарур қонунчилик, институционал ва иқтисодий механизмлари шакллантирилди. Ушбу мақсад доирасида 2015-2022 йилларда миллий мезон бўйича камбағаллик даражаси 30,4 фоиздан 14,1 фоизга, яъни 2 маротаба пасайди. Бу даврда ижтимоий нафақа олувчи аҳоли қамрови 0,8 фоиздан 1,7 фоизга ошди. Айни чоғда Ўзбекистон халқаро камбағаллик чегараси бўйича кўзланган мақсадга эришган ва бу кўрсаткич кунига 2,15 долларни ташкил этади. Шунингдек, ушбу кўрсаткичнинг қиймати 19,74 фоиздан тахминан 7,4 фоизгача қисқарди. Ёшга доир пенсия олувчи аҳоли улуши 7,2 фоиздан 8,7 фоизга ошди. 2023 йилги миллий ҳисоботга кўра, ушбу даврда шинам уй-жойларда яшовчи аҳоли улуши 43,1 фоиздан 86,5 фоизга ортган, – деди Ю.Абдуғаниева.