Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди

16 минг хонадонда ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 2023 йил охирига келиб Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 14 фоиздан 11 фоизга камайган.
“Мамлакатда камбағаллик даражаси ўтган йилга нисбатан 3,1 фоизга камайиб, 11 фоизни ташкил этди. 2022 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 14 фоизни ташкил этди”, – дейилади вазирлик хабарида.
Бошқарма маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида камбағаллик даражаси пасайган. Масалан, Сирдарё (19,5 фоиздан 13,8 фоизга) ва Андижон (17,4 фоиздан 11,9 фоизга) вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистонда (19,9 фоиздан 13,7 фоизга) сезиларли даражада камайди. Тошкент (8,5 фоиздан 7,9 фоизга), Бухоро (11,9 фоиздан 11,8 фоизга) ва Қашқадарё (12,7 фоиздан 11,5 фоизгача) вилоятларида эса пасайиш суръати секинлашмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, ўтган йили 4,1 миллион фуқаро иш билан таъминланган. Улардан 2,3 миллион киши доимий ва мавсумий ишларда, 112,8 минг нафар ўзбекистонлик ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, яна 1,6 миллион нафари якка тартибдаги тадбиркорлардир.
“20 минг тадбиркор ва 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 6,7 минг корхона билан шартномалар тузилди. Натижада 455 минг киши иш билан таъминланди. 181 минг нафар ишсиз фуқаро турли касб-ҳунарларга ўқитилди, 183 минг 800 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Шунингдек, 51 минг микролойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 206 минг янги иш ўрни яратилди. Кам таъминланган оилалар учун якка тартибдаги дастурлар йўлга қўйилди, бунинг натижасида ўтган йили 208 минг оилада 873 минг киши камбағалликдан чиқди.