Ўзбекистонда “Jump Rope” спорт федерацияси таъсис этилди

Спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда ушбу спорт ўйини ташаббускорлари қатнашган йиғилишда Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи тамойилларига эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, “jump rope” спорт турини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш масалалари борасида сўз юритилди.
Айтиш лозим, “jump rope”, яъни арқон билан сакраш спорт тури 2021 йилдан бери халқаро майдонда ривожланаётган янги спорт тури ҳисобланади.
Йиғилишда арқон билан сакраш спорт тури (“jump rope”)ни аҳолининг барча қатламлари ўртасида кенг оммалаштириш имкониятлари мавжудлиги билдирилиб, бу, боғча, мактаб, маҳалла ҳудудларида ёшлар севиб шуғулланадиган йўналиш экани айтиб ўтилди.
Йиғилишда делегатларнинг таклифига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова Ўзбекистон “Jump Rope” федерацияси раиси этиб сайланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши ҳақида хабар берган эдик.