Ўзбекистонда «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилади

Ўзбекистонда «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилади
Фото: ЎзА

Жорий йилнинг 29 сентябрь - 2 октябрь кунлари «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилади. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган кинофестивалнинг асосий тадбирлари пойтахтда ташкил этилади, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Кинофестиваль доирасида ёш киноижодкорлар ўртасида анъанавий ўтказиладиган “Кино 5 кунда” танлови бўлиб ўтади. Унда Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистоннинг 7 та олий ўқув юртидан 14 нафар ёш киноижодкорлар иштирок этади.

Бу ҳақда Кинематография агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Унда “Ёшлик” киностудияси директори Акром Шоҳназаров қайд этганидек, иштирокчилар республиканинг маданий ва тарихий аҳамиятга эга жойларига бориб, у ерда “Ўзбекистон – менинг орзуим!” мавзусида ўз фильмларини суратга олади.

–Низомга асосан икки кишидан иборат ҳар бир жамоага етти нафар ёш маҳаллий кино мутахассисларидан иборат суратга олиш гуруҳи бириктирилади. Иштирокчиларга фильм тайёрлаш учун беш кун - суратга олиш жараёни учун уч кун, монтаж учун бир кун вақт ва дубляж учун бешинчи кун ажратилади. Танлов иштирокчиларининг асарлари жаҳон киносининг ҳақиқий усталари томонидан муносиб баҳоланади. Таниқли ва суюкли ўзбек режиссёрларидан бири Али Ҳамроев ҳакамлар ҳайъати раиси вазифасини бажаради. Ўзбекистон жамоалари икки йил кетма-кет ғолибликни қўлга киритгани боис, бу йил қатнашмайди. Айтиш керакки, “Кино 5 кунда” дастури ёш киноижодкорларни янги фильмлар яратишга ундаш, хорижлик ҳамкасбларини Ўзбекистон анъаналари ва маданияти билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга, – деди А. Шоҳназаров.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Киночилар уйида “Кино 5 кунда” танлов лойиҳалари якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилади. 1 октябрь куни эса танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Сўнгги хабарлар