Ўзбекистонда хусусий боғчада 4 ёшли қизга жинсий тегажоғлик қилингани айтилмоқда

Ўзбекистонда хусусий боғчада 4 ёшли қизга жинсий тегажоғлик қилингани айтилмоқда
Фото: pixabay

Ўзбекистон Болалар омбудсманининг маълум қилишича, омбудсманга Тошкент вилояти Келес шаҳрида яшовчи К.Т. ўзининг 2019 йилда туғилган қиз фарзандига нисбатан болалар боғчасида жинсий тегажоғлик содир этилганлиги ҳақида мурожаат қилган, деб хабар беради Kazinform.

Мазкур мурожаат Бош прокуратура билан биргаликда ўрганилиши натижасида, мазкур қиз Келес шаҳридаги хусусий боғчада бўлган вақтида унга нисбатан жинсий тегажоғлик қилинганлиги юзасидан ЖКнинг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда Тошкент тумани ИИБ ТБ томонидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, аниқланишича, Тошкент тумани Келес йўли кўчасида З.Б. ўзи яшаб келаётган уйида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб, тегишли равишда рухсатнома олмасдан, ҳеч қандай лицензиясиз болалар боғчаси ташкил этган.

Тошкент тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан ушбу хонадон ўрганилганда, бу ерда санитария қоидалари жиддий равишда бузилганлиги ва боғчада ишлаган Г.Қ., З.Б.лар тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланган.

Жиноят ишини тергови давомида фуқаро З.Б.нинг лицензия олмасдан мактабгача таълим муассасаси очиб фаолият кўрсатганлиги ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

"Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси, Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Болалар омбудсманининг бола манфаатлари юзасидан кузатуви остида", - дейилади хабарда.

Сўнгги хабарлар