Ўзбекистонда Хитойнинг Amer International холдингининг минтақавий ваколатхонаси очилади

Мирзиёев
Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Жаҳон «Fortune 500» рейтингига киритилган Хитойнинг Amer International компанияси Ўзбекистонда минтақавий ваколатхонасини очади. Тегишли келишувга холдинг раҳбари Ван Вэньиннинг Хитойда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувида эришилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги мухбири республика раҳбари матбуот хизматига таяниб.

Хитойнинг етакчи конгломератларидан бири сифатида Amer International юқори технологиялар, электроника ва яримўтказгичлар саноати, тоғ-кон ва қайта ишлаш саноати соҳаларида лойиҳаларни амалга оширади. Компания глобал «Fortune 500» рейтингига киритилган. У Хитойда ва хорижда жами қиймати 60 миллиард доллардан ортиқ фаол лойиҳалар портфелига эга.

Ван Вэньин компания Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида бизнесни ривожлантиришнинг асосий йўналиши деб билишини таъкидлади.

Учрашувда юқори қўшимча қийматга эга инновацион мис маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва жумладан, электротехника маҳсулотлари, электромобиллар учун аккумуляторлар, микроэлектроника ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича Amer International компанияси раисининг Хорижий инвесторлар кенгаши ишида иштирок этиши ва мамлакатда ҳудудий ваколатхонасини очиш, шунингдек, қўшма инновацион лойиҳалар борасидаги ишларни жадаллаштириш юзасидан “йўл харитаси”ни қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар