Ўзбекистонда “ҳаво компрессори” ичига яширилган “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси фош этилди
TASHKENT. Kazinform - Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда “Ғишткўприк” чегара божхона постида тезкор тадбир ўтказишди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Тошкент вилояти божхона бошқармаси матбуот хизматига таяниб.

Ўзбекистонга кириш учун пост орқали пиёда ҳаракатланган фуқаронинг қўл юклари кўздан кечирилганда сумкадаги “ҳаво компрессори” ичига яширинча жойлаштирилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, 9 дона полиэтилен пакетларга ўралган, кукунсимон, ўткир ҳидли моддалар борлиги аниқланди.
Марказий божхона лабораториясининг экспертиза натижаларига кўра, жами оғирлиги 4,3 кг ташкил этувчи мазкур моддалар “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.