Ўзбекистонда фастфуд ва энергетик ичимликлар рекламаси чекланади

Ўзбекистон ҳукумати болалар учун тез тайёрланадиган таомлар ва энергетик ичимликлар рекламасини тақиқлашни режалаштирмоқда. Шунингдек, мактаб ва боғча ошхоналарида истеъмол қилиш мумкин бўлмаган озиқ-овқатлар рўйхати ишлаб чиқилади, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

фастфуд
Фото: pexels.com

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Халқ саломатлиги – 2030” миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатга кўра, ўзбекистонликлар орасида семиришни камайтириш кўзда тутилган.

“2030 йил охирига қадар семириб кетган аҳоли улушини 50 фоизга, болалар ва ёшлар ўртасида эса 30 фоизга камайтириш вазифаси қўйилди”, – дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Болалар боғчалари ва мактабларда соғлом овқатланишни тарғиб қилиш орқали ушбу мақсадга эришиш кўзда тутилган. Шундай қилиб, таълим муассасаларида фойдаланиш тавсия этилмайдиган маҳсулотлар рўйхати тузилади. Буларга шакар, туз, ўта ёғли овқатлар, шунингдек, хушбўй моддалар ва бўёқлар киради.

Стратегияга кўра, болалар учун зарарли озиқ-овқатлар, энергетик ичимликлар, дори-дармонлар ва диетали қўшмаларни реклама қилиш янада чекланади.

Бундан ташқари, болаларнинг ёши, тана шакли, турмуш тарзи, ҳар қандай касалликка мойиллигига қараб тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу ишлар жорий йилнинг охиригача амалга оширилади.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар