Ўзбекистонда “Экологик транспорт” тизими ишга туширилади

Ўзбекистонда “Экологик транспорт” тизими ишга туширилади
Фото: Pexels

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтириш мақсадида “Экологик транспорт” тизими босқичма-босқич жорий этилади. Ҳукуматнинг тегишли қарори 2024 йил 29 мартда қабул қилинган, дея хабар беради Кazinform мухбири.

Ҳужжатга мувофиқ, атмосфера ҳавосининг ҳақиқий экологик ҳолатидан келиб чиқиб, ҳудудлар “тоза” (яшил), “ўрта” (сариқ) ва “зарарли” (қизил) экологик зоналарга бўлинади.

Автотранспорт воситалари худди шундай экологик тоифаларга бўлинади. Диагностика натижаларига кўра транспорт воситаларига экологик стикерлар – тегишли рангдаги экостикерлар берилади.

Экологик тоифаси муайян ҳудуднинг экологик зонасига тўғри келмайдиган транспорт воситалари учун экологик компенсация, айрим экологик зоналарга киришни чеклаш ёки тақиқлаш жорий этилади. Йиғилган жарималар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга сарфланади.

“Экологик транспорт” тизимини жорий этиш 2030 йилгача давом этади: биринчи босқич Тошкент шаҳри (2024−2026), иккинчи босқич вилоят марказлари, қўриқхоналар, сайёҳлик марказлари ва дам олиш масканлари (2026−2028), учинчи босқич - республиканинг барча бошқа ҳудудлари (2028−2030 йиллар).

.

Сўнгги хабарлар