Ўзбекистонда чиқиндилар учун пул тўламаганлар қоронғида қолади

Эндиликда чиқинди компаниясидан қарзи бўлган ўзбекистонликларнинг электр энергияси учун тўловларни амалга ошириши, кўчмас мулк ва транспорт воситалари билан боғлиқ шартномалар имзолаши чекланади. Бу талаб Президентнинг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндилар билан ишлашни такомиллаштириш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган, деб хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.

Ўзбекистонда чиқиндилар учун пул тўламаганлар қоронғида қолади
Фото: pixabay.com.

Ҳужжатга кўра, мазкур қоида босқичма-босқич амалга оширилади. Яъни, янги тартиб Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида 2024 йил 1 июндан бошлаб қўлланилади. У ерда чиқинди йиғиш корхонасидан 6 ойлик қарзи бўлган фуқароларга юқорида қайд этилган чекловлар қўйилади.

1 ноябрдан эса бутун республика ҳудудида чиқиндиларни утилизация қилиш хизматларидан 3 ойдан бери қарздор бўлиб қолган аҳолининг электр энергияси учун тўловига чеклов киритилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб бутун Ўзбекистон ҳудудида чиқинди йиғиш бўйича 1 ойдан ортиқ қарзи бор фуқаролар электр энергиясисиз қолиши мумкин.

“Содда қилиб айтганда, чиқиндини олиб чиқиш учун пул тўламаган одам қоронғиликда қолади”, – деб тушунтирди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.

Шунингдек, фармонда ёзилганидек, 1 апрелдан бошлаб чиқиндини олиб чиқиш учун тўловни тўламаган ўзбекистонликлар кўчмас мулк ва автомобиллар билан боғлиқ операцияларни нотариал тасдиқлай олмайди. Хусусан, нотариуслар фуқаронинг қарзи бор ёки йўқлигини ягона электрон тизим орқали онлайн тарзда текширади.



Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар