Ўзбекистонда бу йил сим карта, тўлов картаси ва литий батареясини ишлаб чиқариш бошланади
TASHKENT. Kazinform - Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида янги лойиҳалар ҳақида маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform агентлиги президент матбуот котиби Telegram-каналига таяниб.
Президент "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг унга янги аъзо бўлганлардан 2 йил, айланмаси 10 миллиард сўмдан кам корхоналардан эса умуман бадал олмаслик, уларнинг маҳсулотларини “Элтех Лаб” лабораториясида бепул синовдан ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб қувватлади.
Электротехника лойиҳалари учун хориждан 200 миллион доллар ресурс жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, бу йил 85 та лойиҳа доирасида сим карта, тўлов картаси, кенг турдаги маиший техника, трансформатор, телевизор, қуёш панели ва ёритиш ускуналари, электр скутерлар учун аккумулятор, литий батареяси, лазер билан кесиш ускуналарини ишлаб чиқаришни бошлаш вазифаси қўйилди.