Ўзбекистонда 84 давлат делегациялари иштирокида инвестиция форуми бўлиб ўтади

Өзбекстан
Фото: Ташкент қаласы әкімшілігі

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик жараёни билан танишди, деб хабар берди Kazinformнинг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, 2022 йилда илк маротаба ўтказилган ушбу форумда 56 давлатдан 1000 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этган.

Жорий йилда 84 давлатдан 2500 га яқин делегатлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида хорижий давлатларнинг ҳукумат аъзолари, йирик компаниялар раҳбарлари, шунингдек, БМТ, ШҲТ, ОПЕК, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби халқаро ташкилотлар вакиллари бўлади.

Дастурга кўра, форум доирасида 40 дан ортиқ тадбирлар, хусусан, ҳукуматлараро комиссиялар йиғилиши ва Ўзбекистонда бир қатор лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, 3 май куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда сармоявий битимлар тузиш учун платформа ҳисобланади.

Сўнгги хабарлар